Ўзбекистон миллий метрология институтида “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида маърифий учрашув ташкил этилди. Унда хотин-қизлар ҳимоясини ўзида акс эттирувчи бир қатор ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва зўравонликнинг ҳар қандай тури инсон ҳуқуқларига қарши жиноят эканлиги, бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслиги ҳақида тушунчалар берилди.

Давра суҳбати давомида гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан сўз юритилди.

Муқаддас саналган оилада аёлга нисбатан қилинган зўравонликни  юртимиз келажаги учун қилинган тажовуз сифатида баҳоланиши лозимлиги,  хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни янада мустаҳкамлаш ҳар биримиз учун ҳам фарз ҳам қарзлиги алоҳида таъкидланди.