Энг муносиблар тавсиянома олади

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмлари ва муассасаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганаскарлар учун тест синовлари ўтказилди.
Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар қилиб улғайтириш, уларда Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ва масъулиятли касбга қизиқишни оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда намунали хизмат қилаётган аскарларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлиги, тегишли фанлар бўйича билим даражаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутахассислари иштирокида синовдан ўтказилди.
Тест синовларида энг кўп балл тўплаган ва муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида юқори натижаларга эришган, сафдошларига ўрнак бўлган аскарларга олий ўқув юртига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномалари топширилади.
– Тест синовларини топширишда армия сафида орттирган билим ва кўникмаларим билан бирга, Тошкент шаҳар тижорат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежида олган билимларим жуда қўл келди, – дейди оддий аскар Д.Алижонов. – Биз, ёшларга яратилаётган шароит ва имкониятлар учун давлатимиздан миннатдормиз.

Манба: ЎзА