Халқ билан мулоқотнинг ноёб ва самарали усули

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини белгиловчи муҳим ҳужжат бўлди. 

Мамлакатимизда тарихан жуда қисқа вақт – 25 йилда мазмунан асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Миллий давлатчилик ва суверенитетимизнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва мустаҳкамланди. Чегараларимиз хавфсизлиги таъминланди. Бу жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароит яратди. 

Шу билан бирга, бугун шиддаткор давр давлат ва жамият тизимини янада такомиллаштириш, барча раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, ҳокимият органлари билан халқнинг яқинлигини таъминлашни тақозо этмоқда. Бинобарин, жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобатнинг тобора кучайиб бораётгани ижтимоий-иқтисодий ҳаётни янада жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш заруратини келтириб чиқарди. 

Ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати бўлган Бош қомусимизнинг 1-моддасида “Давлатнинг манбаи халқ” дейилган. Унда инсон шаъни, қадр-қиммати – энг олий қадрият, инсон омили бош масала экани қонун йўли билан кафолатланган. Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта устувор йўналишнинг ҳар бири бўйича белгиланган вазифалар, чора-тадбирларда ҳам бу яққол ўз ифодасини топган. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жойларда иш бошлаган Халқ қабулхоналари инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашнинг таянч нуқтаси, ҳокимият органлари ва халқ ўртасида ишонч кўприги бўлиб хизмат қилмоқда. Бу масканлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқарадиган, уларнинг манфаатларини устувор этадиган изчил механизмга асос солди. Унда мурожаат билан келувчилар учун яратилган қулайликлар – ишчанлик муҳити, мурожаат қилувчиларга бўлган муносабат ҳам бутунлай ўзгача, тўла-тўкис қонун талаблари асосида йўлга қўйилган. Халқ қабулхонасида мурожаат билан келган киши ўзини фаол мавқеда ҳис қилади. Арзини эмин-эркин баён этади. Бу шунчаки мулоқотдан иборат бўлиб қолмайди, балки унинг мурожаати расман рўйхатга олинади. Сўровига жавоб бериладиган муддатлар ҳақида маълумот тақдим этилади. Ҳар бир мурожаат, уларни таҳлил этиш, холисона ўрганиш ва ечим топиш ишлари устидан қатъий мониторинг, назорат олиб борилади. 

Халқ қабулхоналари жамиятни демократик янгилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида, инсон манфаатларига қаратилган энг устувор вазифаларни белгилаш ва уларнинг ижросини назорат қилиб боришнинг муҳим механизмидир. Қонун олдида барчанинг баробарлиги, ўз фикрини эркин ифода этиш имконияти фуқаролик жамиятининг асосий белгиларидир. 

Шу ўринда шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тўла намоён этиши учун давлатимиз томонидан яратилган қулай муҳит, шарт-шароит фуқароларимиз зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклашини таъкидлаш лозим. Бинобарин, ҳар бир ҳуқуқ ва эркинлик замирида шахснинг зиммасидаги бурч ва мажбурият ҳам мавжуд. Халқ қабулхоналари ёки электрон ҳукумат порталига қилинадиган мурожаатлар асосли ва ҳаққоний бўлиши шарт. Мурожаатлар шахсий ғараз ва зиддиятлардан холи, бировга атай озор етказиш ниятида бўлмаслиги даркор. Зеро, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу дастур ҳар бир фуқаронинг манфаатини ҳимоя қилиш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш орқали, пировардида Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

Бир сўз билан айтганда, ўзимизни, ўзлигимизни намоён этиш учун муҳит яратилди, жараён бошланди. Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бир-бирини қўллаш, бирдамлик, иқтисодий барқарорлик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик сингари тамойиллар бизга куч ва ишонч берувчи омиллар бўлиб хизмат қилади. 

Манба: ЎзА