“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Республикада пиллачиликнинг озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қуртини парвариш қилиш ва пилла етиштириш жараёнларини узлуксиз такомиллаштириш, пилла, хом ипак, ипак калава ишлаб чиқариш ва уларни чуқур қайта ишлашнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қишлоқ жойларда аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини оширишни таъминлайдиган ягона ва яхлит ташкилий-технологик тизимни барпо этиш асосида пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти, тижорат банклари ва пиллачилик тармоғи ташкилотларининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, унинг таркибига қуйидагилар киради: 

тижорат банклари ва пиллачилик тармоғи ташкилотлари муассислигида янгидан ташкил этиладиган “Ипаксаноат” минтақавий жамиятлари – “Жанубипаксаноат”, “Шимолипаксаноат”, “Марказипаксаноат”, “Водийипаксаноат” ва “Тошкентипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятлари; 

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Пилла” ҳудудий бирлашмалари негизида ташкил этиладиган ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари; 

туман ва туманлараро “Пилла” масъулияти чекланган жамиятлари негизида ташкил этиладиган туман “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятлари; 

ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани қайта ишлаш ҳамда ипак газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ташкилотлар. 

2. Қуйидагилар “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин: 

а) озуқа базасини такомиллаштириш бўйича: 

тармоқнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, тут қаторлари ва тутзорларни кенгайтириш мақсадида суғориладиган ер майдонлари ажратиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни таъминлаш; 

ипак қурти парвариш қилинмайдиган даврларда пиллахоналар ва тутзорларда иккиламчи фаолиятни амалга ошириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиш, уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш; 

б) ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлаш бўйича: 

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларга ипак қуртининг юқори маҳсулдор зотларини яратиш, парвариш қилиш ва сифатли уруғ ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда кўмаклашиш; 

республика ҳудудлари бўйича пилла етиштиришнинг прогноз ҳажмларини белгилаш, пилла тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари бўйича пилла етиштириш учун буюртмаларни жойлаштириш; 

сифатли пилла етиштириш ва тайёрлаш, уни дастлабки қайта ишлаш, хом ипак ва ипак калава ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилишни ташкил этиш; 

в) пиллани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш бўйича: 

ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва унинг сифатини янада яхшилаш, унинг энг харидоргир турлари ва дизайнини ўзлаштириш, тармоқ маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштиришни таъминлаш, сифат менежментининг замонавий усулларини кенг жорий этишга доир ишларни самарали ташкил этиш; 

маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича маркетинг тадқиқотлари олиб бориш, ипак маҳсулотлари нархини шакллантиришнинг мақбул механизмини яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда тайёр ипак маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш; 

г) тармоқни жадал ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича: 

пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурий чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш, ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил юритиш ҳамда ички ва ташқи бозордаги нархлар мониторингини олиб бориш; 

норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, имтиёз ва енгилликлар бериш, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб қилиш орқали Уюшма таркибига кирувчи ташкилотларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишига кўмаклашиш; 

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар манфаатларини кўзлаб, давлат божини тўламасдан судга даъво аризалари тайёрлаш ва тақдим этиш ҳамда давлат органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш. 

3. Маълумот учун қабул қилинсинки: 

“Ипаксаноат” минтақавий жамиятлари ва пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг муассислари ҳисобланади; 

“Bukhara Brilliant Silk” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаcи ҳамда Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Жанубипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятнинг муассислари ҳисобланади; 

“Асакабанк” АТБ ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Шимолипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятнинг муассислари ҳисобланади; 

“Агробанк” АТБ ҳамда Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятларида жойлашган пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Марказипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятнинг муассислари ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида жойлашган пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Водийипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятнинг муассислари ҳисобланади; 

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ҳамда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида жойлашган пиллачилик тармоғининг бошқа ташкилотлари “Тошкентипаксаноат” масъулияти чекланган жамиятнинг муассислари ҳисобланади. 

4. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг ташкилий тузилмаси, унинг бошқарув ходимларининг чекланган сони 40 нафар бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси ҳамда “Ипаксаноат” минтақавий жамиятларининг намунавий тузилмаси 1, 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисига, зарурат бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппаратининг тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин. 

5. Белгилаб қўйилсинки: 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг раиси ва унинг ўринбосарлари муассислар умумий йиғилишининг қарори билан сайланади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимига тасдиқланади ҳамда мақомига кўра тегишли равишда вазир ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади; 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ижро этувчи аппарати ва “Ипаксаноат” минтақавий жамиятларининг жорий таъминоти ва фаолиятини молиялаштириш уларнинг таркибига шартнома асосида кирувчи пиллачилик тармоғи ташкилотларининг ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 

6. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва “Ипаксаноат” минтақавий жамиятларини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш ва уларни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) 4-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин. 

Ишчи гуруҳга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс равишда янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклансин. 

Ишчи гуруҳ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда қуйидаги устувор вазифаларга эътиборни қаратсин: 

Уюшма ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этишга доир ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш, пиллачилик соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш; 

янги тутзорларни барпо этиш, тут қаторларини кенгайтириш ва мавжуд тутзорларни модернизация қилиш орқали пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш; 

ипак қурти уруғининг маҳсулдор зотларини яратиш ва жорий этиш, импортни қисқартириш ва келгусида республиканинг ички эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларни ишлаб чиқариш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш; 

пилла етиштириш ва тайёрлаш ҳажмларини босқичма-босқич кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш, ипак қуртининг маҳсулдорлигини ошириш; 

пиллага дастлабки ишлов беришнинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини хатловдан ўтказиш, ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш; 

пиллачилик тармоғи ташкилотларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун кўмир, полиэтилен, полипропилен, минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида, тартибга солинадиган нархлар бўйича ажратиш орқали белгиланган тартибда моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ҳамда пиллачилик тармоғининг хўжалик юритувчи субъектларини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш; 

сифат менежментининг замонавий усулларини, тайёр маҳсулотнинг харидоргир турлари ва дизайнини кенг жорий этиш, унинг халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштирилиши ва стандартлаштирилишини таъминлаш; 

кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, олий таълим муассасаларида пиллачилик тармоғи учун кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш ва янгилаш. 

7. 2023 йил 1 январгача: 

ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш, тайёр ипак маҳсулотлар ҳамда пиллачилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни (сунъий пилла ўраш дасталари) ишлаб чиқаришдан олинадиган даромадлар – юридик шахсларнинг ягона солиқ тўловини тўлашдан; 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотлар ҳамда ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани тайёрлаш ва қайта ишлаш ташкилотлари томонидан олиб келинадиган пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин; 

уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)лар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилсин; 

пилла етиштирувчи ташкилотлар – пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари бўйича ягона ижтимоий тўловдан озод этилсин ва бундан бўшаган маблағлар касаначилар ва ишчи-пиллакорларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Меҳнат вазирлигининг пиллачиликни, пиллачилик тармоғи ишчилари ва тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни қонун ҳужжатларида тасдиқланган тўлиқ бир мавсум ишланган даврлари уларга пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар ва саноатнинг мавсумий тармоқлари рўйхатига киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг буюртманомаларига кўра пиллачилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан кириш визалари расмийлаштирилишини таъминласин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг буюртманомаларига кўра пиллачилик тармоғида ишлашга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг буюртманомаларига кўра пиллачилик тармоғида ишлаш учун юқори малакали хорижий мутахассисларни (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин. 

12. “Ўзбекипаксаноат” уюшмасига Уюшма аъзоларининг манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаларини тақдим этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилсин. 

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини белгиланган тартибда телекоммуникация тармоқларига, жумладан, ҳукумат алоқасига улашни таъминласин. 

14. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Тошкент шаҳри ҳокимлиги “Ўзбекипаксаноат” уюшмасини жойлаштириш учун Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоил ота кўчасидаги 1-а уйдан ижара ҳақи бўйича “ноль” ставкасини белгилаган ҳолда зарур майдон ажратсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 март 

 

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекипаксаноат”
уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-
тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
 
ШАРҲ 


Ўзбекистонда пиллачилик соҳаси қадим тарихий ва ўзининг кўп асрлик анъаналарига эга. 

Мамлакатимиз мустақилликка эришган даврлардан бошлаб пиллачилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ва унинг турларини кенгайтиришга қаратилган таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. 

Юртимиздаги қулай табиий-иқлим шароитлари ипак ишлаб чиқариш соҳасидаги бой маданий-тарихий меросни муносиб давом эттириш ва республикамиз ҳудудларида пиллачиликни янада ривожлантириш имконини бермоқда. Бугунги кунда мавжуд 80 миллион туп тут қаторлари ва 51 минг гектар майдондаги тутзорлардаги мавжуд озуқа базаси ҳисобига йилига 450 минг қутидан ортиқ ипак қурти парваришланиб, 26 минг тонна пилла етиштирилмоқда. 

Шу билан бир қаторда, кимё саноатининг жадал ривожланиши, сунъий ва синтетик тола ишлаб чиқариш ҳажмларининг ортиши жаҳон бозорида табиий ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайишига олиб келди. 

Пиллани қайта ишлаш корхоналари маҳсулот ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, тайёр маҳсулот турларини кўпайтириш ва сифат кўрсаткичларини яхшилашдан манфаатдордир. 

Таҳлилий натижалар бугунги кунда ипак қурти уруғи етиштиришга ихтисослашган маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш технологияларининг эскирганлиги ва модернизация қилинмаганлигини кўрсатмоқда. Соҳага тизимли ёндашув ва мувофиқлаштиришнинг етарли даражада эмаслиги оқибатида мазкур корхоналар мамлакатимиздаги ипак қурти уруғига бўлган талабни тўлиқ таъминламаяпти. 

Вужудга келган ипак қурти уруғи етишмовчилиги ўрнини қоплаш учун ҳар йили 230-250 минг қути ипак қурти республикамизга импорт қилинмоқда ва бу тармоқ корхоналари эҳтиёжининг 50 фоизини ташкил этмоқда. 

Мавжуд тутзорлардан фойдаланиш, уларни сақлаб қолиш ва мамлакатимизнинг табиий-иқлим шароитларига мос келадиган, озуқа қиймати юқори бўлган тут кўчатларини экиш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги, тут плантацияларида тегишли агротехник тадбирларнинг амалга оширилмаслиги тутзорлардаги, дала ва йўл четларидаги тут туп сонлари ва ҳосилдорлигининг йил сайин пасайиб боришига сабаб бўлмоқда. 

Бундан ташқари, ҳудудларда ипак қуртининг аҳоли хонадонларида боқилиши бир қатор ноқулайликлар туғдириб, мавсумдан кейин пилла боқилган хоналарни таъмирлаш аҳоли учун сезиларли даражада молиявий харажатларни талаб қилади. Хонадонларда пилла боқиш учун зарур шароитларнинг етарли эмаслиги ҳам юқори сифатли ва кутилган пилла ҳосилини олиш имконини бермайди. 

Шунингдек, пиллакорларнинг етарли даражада ва ўз вақтида моддий рағбатлантирилмаслиги уларнинг пилла боқишга бўлган қизиқишини сўндирмоқда. 

Пиллани қабул қилиш ва унга бирламчи ишлов бериш ишлари ҳанузгача маънавий эскирган ва катта харажат талаб қиладиган ускуналар билан жиҳозланган туман “Пилла” корхоналари томонидан амалга оширилмоқда. Уларга етарли миқдорда хўжаликлар бириктирилмагани оқибатида ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш корхоналари наслли пилла билан тўлиқ ҳажмда таъминланмаяпти. 

Пилла хомашёси етарли ҳажмда ишлаб чиқарилмаётганлиги аксарият пиллани қайта ишлаш ва ипакчилик корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишламасдан, йилига 4-5 ойлаб фаолиятини тўхтатиб қўйишига олиб келмоқда. 

Бугунги кунда тармоқ нуфузини ошириш учун озуқа базасини жадал ривожлантириш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш, саноатбоп пилла хомашёсини етиштириш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш баробарида тайёр рақобатбардош маҳсулот билан жаҳон бозорига чиқиш ва соҳанинг экспорт имкониятини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда. 

Тармоқда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ тижорат банклари иштирокида таъсис этиладиган, ўзига маълум хўжалик зоналари бириктириладиган, ҳудудларда пиллачилик тармоғи корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирадиган бешта минтақавий жамиятдан иборат “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилмоқда. 

Шу билан бир қаторда ҳудудий ва туман “Агропилла” корхоналарини ташкил этиш, улар зиммасига сифатли ипак қурти уруғини пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар ва ташкилотларга тарқатиш, ипак қуртини парваришлаш ва пилла етиштириш бўйича консультация хизматлари кўрсатиш, пилла етиштириш жараёнини мониторинг қилиш, пиллани йиғиш ва тайёрлашни амалга ошириш каби вазифаларни юклаш кўзда тутилмоқда. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари сифатида тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлаш учун суғориладиган ер майдонларини тақдим этиш бўйича тегишли маҳаллий давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти органлари билан самарали ҳамкорликни таъминлаш, тут плантациялари қошида ва тут ораларида иккиламчи фаолиятни, жумладан, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачиликни йўлга қўйиш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотиш белгиланган. 

Қарорда сифатли ипак қурти уруғи ва пилла хомашёси етиштириш, унга бирламчи ишлов бериш, ипак ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини модернизация қилиш орқали пиллани чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, пиллачилик тармоғини ривожлантиришга доир дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш, тизимли ягона илмий-техник, технологик, инвестициявий ва экспорт сиёсатини изчил амалга ошириш, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида қарорга мувофиқ пиллага бирламчи ишлов бериш тизимини такомиллаштириш, сифат менежментининг замонавий усуллари, тайёр маҳсулотнинг харидоргир турлари ва дизайнини кенг жорий этиш, уни халқаро талабларга мувофиқ сертификатлаштириш ва стандартлаштириш, олий таълим муассасаларида пиллачилик тармоғи учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ишчи гуруҳ тузилди. 

Жаҳон тажрибаси кўрсатганидек, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш тармоқда меҳнат қилаётган ишчилар тажрибаси ва моддий манфаатдорлигига боғлиқ. Қарорда пиллачилик соҳаси корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, модернизация қилиш, озуқа базасини ва пилла етиштиришни кўпайтириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари)дан озод қилиниши, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, шунингдек, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия таъминлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган. 

Ушбу имтиёзлар бир томондан пиллачилик соҳаси, ипак қурти уруғи ва пилла етиштирувчилар, иккинчи томондан пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати учун катта имконият ва қулайликлар яратиб беради. Пилла етиштириш билан банд аҳолининг моддий манфаатдорлиги кучаяди. 

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши пиллачилик тармоғининг барча жиҳатларини қамраб оладиган ҳамда унинг жадал ривожланишини таъминлайдиган яхлит бошқарув тизимини яратиш имконини беради. 

Озуқа базасининг мустаҳкамланиши ва кенгайиши, пилла етиштириш мажмуаларининг бевосита тутзорлар яқинида барпо этилиши, 2 баробар кўп ҳосил берадиган, озуқа қиймати юқори ва совуққа чидамли тут кўчатларининг олиб келиниши пилла етиштириш ҳажмларини 35 минг тоннага (135 фоизга) ошириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар, шу жумладан, шойи газламалар ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади. 

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2021 йилга бориб умумий етиштирилган пилла ҳажмида пиллани қайта ишлаш улуши 50 фоизгача оширилади, янги иш ўринлари яратилади, маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта маблағлари тушуми ортади.