“Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2935-сонли қарори ижроси юзасидан семинар ташкил этилди

Жорий йилнинг 26 май куни “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон Стандартлаштириш, Метрология ва Сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2935 сонли қарорининг мазмун моҳияти ва ижроси юзасидан семинар йиғилиш ўтказилди.

Семинар “Ўзстандарт” агентлиги бош биносининг катта мажлислар залида бўлиб ўтди ва унда янгитдан шакллантирилган “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг таркибига кирувчи 200 нафардан ортиқ мутахассис ҳодимлари иштирок этишди.

Семинарда “Ўзстандарт” агентлиги тизимини янада такомиллаштириш ишларига қаратилган қарорнинг асосий мазмун моҳияти, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимини янада такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва техник регламентларни тизимли жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Миллий эталонлар базасини ривожлантириш асосида маҳаллий махсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, “Ўзстандарт” агентлигининг тузилмасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича вазифалар кўрсатилганлиги ҳақида кенг тушунчалар берилди. Шулар қаторида “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг таркибига “Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг қўшиш ва “Ўзстандарт” агентлиги марказий аппарати тузилмасидан чиқарилаётган Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюросини ўтказиш йўли билан қайта ташкил этилганлиги эълон қилинди.

Шунингдек қарорнинг асосий мақсадларидан ҳисобланмиш - Миллий стандартларни халқаро талаблар билан мослаштириш ҳамда замонавий сифат менежменти тизимларини кенг жорий этиш асосида маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатдошлигини ошириш ва ташқи савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда миллий лабораториялар томонидан амалга оширилган ўлчаш ва синов натижаларининг чет элларда тан олиниши учун асос яратиш, саноат тармоқларида қўлланилаётган юқори аниқликдаги асбобларни тўлиқ метрологик текширувдан ўтказиш, бир қатор эталонлар ва энг юқори аниқликда ўлчаш воситаларини харид қилиш орқали миллий корхоналарнинг хорижий мамлакатлар метрология институтига боғлиқлигини камайтириш каби масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Эътиборлиси шундаки, ушбу семинарнинг барча иштирокчилари ўзлари учун муҳим ва керакли бўлган маълумот ва янгиликларга эга бўлишди. Бу каби янги ўзгаришлар натижасида маҳаллий ва кириб келаётган маҳсулотларнинг сифатини ошириш, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хорижий бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш, сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш, синов ва ўлчов лабораторияларининг моддий техник базасини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарилаётган махсулотларни экспорт қилишда қулайликларга эришиш каби ютуқларга эришилиши бегумон.