Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, бу борада парламент назоратини самарали тарзда амалга ошириш мақсадида фуқаролар билан бевосита мулоқотлар ўтказмоқда. Ушбу мулоқотларда аҳолини қийнаётган муаммолар ва камчиликлар ўрганилмоқда. 

Жорий йилнинг 1-10 июнь кунлари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан Балиқчи, Қоракўл, Зафаробод, Конимех, Поп, Қўшработ, Мирзаобод, Шеробод, Оққўрғон, Риштон, Боғот, Деҳқонобод, Шайхонтоҳур, Тўрткўл туманларидаги аҳвол ўрганилди ва таҳлил қилинди. 

Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган партия фракцияси йиғилишида мазкур ўрганиш натижалари муҳокама этилди. Аҳоли билан мулоқотларда кўтарилган масалаларнинг соҳалар бўйича таҳлили шуни кўрсатадики, аксарият муаммолар соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик ва меҳнат муносабатлари, уй-жой коммунал хизматлари, банк-кредит, транспорт ва йўл қурилишига тегишлидир. Фракция аъзоларига келиб тушган 34 муаммоли масала юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, шунингдек, 23 хўжалик юритувчи субъектга 15 депутатлик сўрови ва фракция номидан 8 мурожаат юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Фракция томонидан мамлакатимиз аҳолисига кўрсатилаётган транспорт хизмати тизимини яхшилаш, айниқса, ўқувчилар ва талабалар учун имтиёзли транспорт қатновини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигига парламент сўрови юборишга келишилди. 

Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш ҳолати, мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, қуриш ва таъмирлаш ишлари, нодавлат таълимни ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларни китоблар билан таъминлаш, таълим муассасаларидаги кутубхоналар фаолияти, мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда болаларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига парламент сўрови тайёрланди. 

Йиғилишда фракция аъзолари томонидан мамлакатимизда фойдаланилмай турган давлат мулки объектлари ва бўш ер майдонларида ташкил этилган кичик саноат зоналари ва ушбу зоналарда «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти ва «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси маблағлари ҳисобидан зарур муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмалар қурилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларига жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишни ташкил этиш хусусида тегишли тавсиялар берилди. 

Манба: ЎзА