Самарқанд шаҳрида 2018 йил 20-22 апрель кунлари Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Кун аввалида Самарқандга ташриф буюрган Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари Ҳазрати Хизр мажмуасида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.

 Самарқандлик ва сўғдлик ишбилармонлар иштирокидаги бизнес-форум ўз ишини 2018 йил 21 апрель куни Самарқанд шаҳридаги «Registon Plaza» меҳмонхонасида бошлади.

Таъкидлаш лозимки, бизнес-форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Форум доирасида иштирокчилар учун икки мамлакатда инвесторлар учун яратилаётган шароит, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида муҳим маълумотлар берилиб, мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Форумда Самарканд вилояти ва Тожикистонлик ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлар маҳсулотлари намойиш этилди.

Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги сўғдлик тадбиркорлар Самарқанд вилояти хокими Туробжон Жураев хамрохлигида Самарканд шахрида жойлашган «СамАвто» МЧЖ автомобиль заводига ташриф буюриб, автобус, юк машиналари ва махсус автотранспортлар ишлаб чиқарилиши жараёни билан якиндан танишишдилар.

Шунингдек, Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги сўғдлик тадбиркорлар вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамроҳлигида Паст Дарғом туманидаги «Паст Дарғом саховати» қўшма корхонасида гидропоника усулида ташкил қилинган иссиқхона фаолияти билан танишди. Бу ерда замонавий усулда компьютерлаштирилган технологиялар асосида помидор етиштириш ва уни хорижга экспорт қилиш меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Сўғдлик тадбиркорлар ушбу корхона билан ҳамкорликда Тожикистонда шу каби иссиқхоналар ташкил қилишга келишиб олдилар.

Шунингдек ушбу ташриф давомида, Тожикистон делегацияси вакили Суғд вилояти стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва савдо инспекцияси маркази директори Абдумавлон Рахимзода Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Абдумавлон Рахимзода “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” ДК синов лабораторияларининг замонавий синов ускуналари ва синов усуллари билан таъминланганлигига юксак баҳо бериб, ўз фаолиятида ҳам ушбу синов ускунлари ва усулларини тадбиқ этишни айтиб ўтди. Учрашувдан сўнг Ўзбекистон стандартлаштириш тизими ва  Тожикистон стандартлаштириш тизими ўртасида яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.