9-11 октябр кунлари Тошкентда Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ), “Ўзатом” агентлиги ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг миссияси, Россия "Росатом" давлат корпорациясининг биргаликдаги семинари бўлиб ўтди, ва “Ўзстандарт" агентлиги “Ўзбекистон миллий метрология институти" ДК ходимлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари ушбу семинарда иштирок этди.

Семинар давомида лойиҳани режалаштириш ва учта омил – лойиҳанинг технологиклиги, ишлар нархи ва ишлар хавфсизлиги асосида пудратчини танлашга доир халқаро тажрибани пухта ўрганиш масалаларида тўхталиб ўтилди.

Республикадаги,  жамланган қуввати 2,4 ГВт бўлган биринчи атом электростанцияси Навоий вилоятида Тўдакўл кўлига яқин жойда барпо этилади. Танланган технологиялар ишончлилик, хавфсизлик, экологигияга мувофиқликни таъминлайди ва замонавий талабларга жавоб беради. Лойиҳанинг ишлаб чиқилишида Фукусимадан кейинги ҳодисалар бўйича МАГАТЭ тавсиялари ҳам эътиборга олинди. Бундан ташқари, ҳозирги кунда "3+" авлод реакторлари ва АЭС фақат Россияда мавжуд", — деб тушунтиришди, республикага тинчлик мақсадларида ядровий энергетикани ривожлантиришни бошлаётган мамлакатлар учун қоида ва процедураларни тушунтириш миссияси билан ташриф буюрган мутахассислар.

Иштирокчиларнинг чиқиш сўзлари Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш режалари, истиқболлари ва афзалликларига, Ўзбекистон томонидан мамлакатдаги биринчи АЭС қурилиши учун танланган "3+" авлод ВВЭР-1200 замонавий Россия ядровий технологияларига, саноат, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган атом тармоғи технологияларига, атом тармоғида ишлаш учун мутахассисларни ўқитиш ва ходимларни тайёрлашга, атом энергетикасининг афзалликлари тўғрисида кенг жамоа хабардорлигини таъминлашга  бағишланди.

Бундан ташқари, ушбу учрашувда “Ўзстандарт" агентлиги ва МАГАТЭнинг 2018-2019 йиллар учун мўлжалланган UZB6015 “Ўзбекистон Республикаси иккиламчи эталонлари дозиметрия лабораториясини яратиш” (Establishing the Secondary Standards Dosimetry Laboratory) техник ҳамкорлик лойиҳасига доир масалалар муҳокама қилинди.

Кўрсатилган лойиҳа доирасида Ўзбекистон миллий метрология институти дозиметрия лабораториясининг рентген ва гамма нурланиш эталонлари билан жиҳозланиши, шунингдек мутахассисларнинг малакасини ошириш, уларни ўқитиш (амалиёт ўташ) ва хорижий мамлакатларнинг етакчи метрология муассасаларида илмий семинарларда иштирок этиши кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида атом энергетикаси, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, меҳнат ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги ва муҳофазаси соҳаларида фойдаланиладиган ионловчи нурланиш ўлчаш ускуналари ва воситаларини қиёслаш ва калибрлаш янги усуллари ўзлаштирилади.

Ахборот хизмати