Ўзбекистон миллий метрология институти (ЎзММИ) ҳамда Босния ва Герцеговина миллий метрология институти (IMBiH) ўртасидаги Ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш доирасида 2018 йил 23 декабрдан 26 декабргача даврда Тошкент шаҳрида ЎзММИ раҳбарияти ва IMBiH директори жаноб Зияд Дземич ўртасида ишга оид учрашув бўлиб ўтди.

IMBiH қуйидаги халқаро ва ҳудудий ташкилотлар аъзоси ҳисобланади:

Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) / Ўлчов ва тарозилар бош конференцияси (CGPM) – 2011 йилдан ассоциацияланган аъзо;

Метрология соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Европа дастури (EMRP) – 2013 йилдан аъзо;

Миллий метрология институтлари Европа ассоциацияси (EURAMET) – 2009 йилдан аъзо;

Халқаро асиллик (пробирная) лабораториялар ассоциацияси (IAAO) – 2010 йилдан кузатувчи;

Халқаро қонунлаштирувчи метрология ташкилоти (OIML) – 1997 йил мартдан муҳбир-аъзо;

Қонунлаштирувчи метрология бўйича Европа ҳамкорлиги (WELMEC) – 2009 йилдан ассоциацияланган аъзо.

Ишга оид учрашув ЎзММИ лабораторияларининг жорий этилган сифат менежменти тизими, ходимларнинг техник билим даражаси ҳамда лабораторияларнинг калибрлаш ва ўлчаш имкониятларга доир фаолияти билан танишишга қаратилди.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳамда Босния ва Герцеговина миллий метрология институтлари илғор ходимларининг тажриба ва техник билим алмашиши, икки томонлама амалиёт ва тренинглар ўткзиш, шунингдек лабораториялараро солиштиришларда, шу жумладан ҳудудий метрология ташкилотлари доирасида, биргаликда иштирок этиш тўғрисидаги келишувларга эришди.

Республиканинг калибрлаш хизматларига бўлган эҳтиёжларининг таҳлилини ҳисобга олган ҳолда, метрологиянинг масса ва у билан боғлиқ катталиклар (масса, босим), термометрия ва иссиқлик физикаси, электр ва магнетизм каби соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

ЎзММИ лабораторияларининг, муҳим жиҳатлари ҳозирги пайтда келишиш босқичида бўлган, Миллий ўлчаш эталонларининг ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш натижаларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисидаги келишувда (CIPM MRA) фаол иштирок этишига эришишга қаратилган Ҳамкорлик дастурининг имзоланиши учрашув натижаси бўлади.