Жорий йилнинг 13 май  куни Жаҳон банкининг хусусий секторни ривожлантириш бўйича эксперти Вафа Аранки раҳбарлигидаги делегация  аъзолари «Ўзстандарт» агентлигига ташриф буюрди. 

Жаҳон банки миссияси вакилларига мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш ва кенгайтиришга доир  олиб борилаётган тизимли ишлар, хусусан сўнгги 1 йил ичида юртимизда стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология соҳасини ривожлантириш учун бир қатор норматив-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинганлиги ва ушбу  норматив-ҳуқуқий хужжатлар асосида  агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Музокаралар жараёнида Жаҳон банкининг хусусий секторни ривожлантириш бўйича эксперти Вафа Аранки Жаҳон банки томонидан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш ва қишлоқ хўжалиги махсулотларини  рақобатбардошлигини ошириш учун лойиҳа тайёрланаётганлиги маълум қилинди. 

Учрашувда стандартлаштириш ва мувофиқлиқни баҳолаш соҳада кооперацияни кучайтириш, малакали хорижий экспертларни жалб этиш, биргаликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, малакали мутахассислар тайёрлаш борасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Агентлик вакиллари томонидан Жаҳон банки билан соҳа йўналишларида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилди.