Жорий йилнинг 26 октябридан "Ўзэкспомарказ" ОАЖ кўргазмали майдончаларида ИХ Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржаси бўлиб ўтмоқда. Унда республиканинг 2000 дан ортиқ барча саноат тармоқларидаги корхоналар, жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади – бу хўжалик субъектларига ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тармоқлар ичидаги ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кенг миқёсда оммалаштириш, ҳамкорларни топиш ва мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўз маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида, жумладан экспорт учун ҳам шартномаларни тузишда кўмак кўрсатишдир.

Одатдагидек, навбатдаги Халқаро саноат ярмаркасига “Ўзстандарт” агентлигининг стенди тайёрланиб, унда сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш Бюроси фаолияти тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган. Ушбу ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун “Ўзстандарт” агентлиги ва унинг корхоналари фаолияти тўғрисида мингдан ортиқ буклетлар тайёрланди.

Шу билан бирга, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари томонидан ярмарка иштирокчилари ва қатнашувчилари учун янги маҳсулот турларига меъёрий – техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш; маҳсулотни экспорт қилишда тегишли ҳужжатларни тайёрлаш; халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатни бошқариш тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва сертификатлаштириш бўйича консултатив хизматлар кўрсатилмоқда.