«ЎЗСТАНДАРТ» агентлиги

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология
ва сертификатлаштириш агентлиги

ФУҚАРОЛАРНИНГ  МУРОЖАТЛАРИ

Fuqarolarning murojaati



Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонунига асоссан Ўзбекистон Республикасида стандартлаштириш ишларини ўтказишнинг умумий ташкилий-техник қоидаларини тартибга солиб турувчи стандартлаштириш тизими фаолият кўрсатади.

Стандартлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва таъминлашни:

  • халқ хўжалиги тармоқларида - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт» агентлиги);
  • қурилиш, қурилиш индустрияси соҳасида, шу жумладан лойиҳалаш ва конструкциялашда - Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси;
  • табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда атроф муҳитни ифлосланишдан ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилиш соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
  • тиббиёт учун мўлжалланган маҳсулотлар, шу жумладан дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника соҳасида, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган, шу жумладан импорт бўйича етказиб берилаётган маҳсулотларда инсон учун зарарли моддалар мавжудлигини аниқлаш масалаларида - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • мудофаа қобилиятини ва сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш, мудофаа аҳамиятига молик маҳсулотлар соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги амалга оширади.

Ушбу Қонунга мувофиқ давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида стандартларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва нашр этади.

«Ўзстандарт» агентлиги ушбу Қонунга мувофиқ стандартлаштириш ишларини ўтказишнинг умумий қоидаларини, манфаатдор томонларнинг давлат бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари билан олиб борадиган ҳамкорликдаги ишининг шакл ва усулларини белгилайди.

Стандартларни тасдиқлаган органлар стандартларга доир тармоқ ахборот жамғармаларини ҳосил қиладилар ва юритадилар ҳамда манфаатдор истеъмолчиларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар, Ўзбекистон Республикаси стандартлари, хорижий мамлакатларнинг миллий стандартларига доир ахборотлар билан, шунингдек стандартлаштириш соҳасидаги халқаро шартномалар, техник-иқтисодий ҳамда ижтимоий ахборот давлат классификаторлари, стандартлаштириш қоидалари, нормалари ва тавсияларига оид ахборотлар билан таъминлайдилар.

Стандартларни нашр қилиш ва қайта нашр этишни уларни тасдиқлаган органлар амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасида стандартлаштиришга доир қуйидаги тоифадаги норматив ҳужжатлар қўлланилади:

  • халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар;
  • Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари;
  • ташкилотнинг стандартлари;
  • хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари.

Давлат ягона узлуксиз таълим тизимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилади.

Стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар жумласига, шунингдек стандартлаштириш қоидалари, нормалари, техник-иқтисодий ахборот классификаторлари ҳам киради. Мазкур ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тартиби «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланади.

Халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари, шунингдек халқаро қоидалар ва нормалар Ўзбекистон Республикаси иштирок этган шартнома ёки битимларга мувофиқ қўлланилади. Ушбу стандартлар, қоидалар ва нормаларни республика ҳудудида қўллаш тартибини «Ўзстандарт» агентлиги ва давлат бошқарувининг бошқа органлари ўз ваколатлари доирасида белгилайдилар.

Истеъмолчиларга реализация қилинадиган маҳсулотга доир стандартлар ҳамда уларга киритилган ўзгартишлар «Ўзстандарт» агентлиги органларида ҳақ олмасдан давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. «Ўзстандарт» агентлиги органларида рўйхатдан ўтказилган стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг давлат фондига киради.

Норматив ҳужжатларсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилишга йўл қўйилмайди. Маҳсулот, атроф-муҳит, аҳолининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки хавфсизлигини, техникавий ва ахборот жиҳатдан маҳсулотнинг бир-бирига мос келиши ва ўзаро алмашинувчанлигини, уларни назорат қилиш усуллари бирлиги ва тамғалаш бирлигини таъминлаш учун стандартларда белгиланадиган талаблар давлат бошқаруви органлари, хўжалик фаолияти субъектлари риоя этиши учун мажбурийдир.

Импорт маҳсулот, башарти у Ўзбекистон Республикасида амал қилаётган техник регламентларнинг ёки стандартларнинг мажбурий талаблар қисмига мувофиқлиги тасдиқланмаган бўлса, етказиб берилиши ва белгиланган мақсадда ишлатилиши мумкин эмас.

Хўжалик фаолияти субъектлари томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига, стандартлаштиришга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини «Ўзстандарт» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, шунингдек бошқа махсус ваколатли давлат бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

 

Маҳсулот ва технологияларнинг маълум бир турлари ёки фаолияти турларини стандартлаштириш бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш, шунингдек курсатилган обектлар юзасидан халқаро (минтақавий) стандартлаштириш ишларини ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикасида 31 та Техникавий қўмитаси (ТҚ) мавжуд.